АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social орқали қилган баёнотида мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун импорт товарларига нисбатан божлар жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Унга кўра, агар бошқа давлатлар АҚШга бож қўллашда давом этса, аммо Америка жавоб чораларини кўра олмаса, мамлакат иқтисодий ҳалокатга юз тутади.
Трампнинг айтишича, айнан савдо тарифлари орқали Америка иқтисодиёти ривожланмоқда ва «гуллаб-яшнамоқда». У, шунингдек, агар судлар жорий этилган божларни бекор қилса, бу АҚШни «аксиламериканча» иқтисодий босимга олиб келиши мумкинлигини айтди.
2024 йил май ойида АҚШ Халқаро савдо суди Трампнинг айрим божларини ноқонуний деб топиб, бекор қилган эди. Шундан сўнг Оқ уй бу қарорга апелляция бериб, вақтинча божларни тиклашга эришди.
Президентликка қайтиши билан Трамп бож сиёсатига жиддий эътибор қарата бошлади. 1 февралда у Мексика ва Канададан келадиган товарларга 25 фоиз, Хитойдан келадиган товарларга эса 10 фоиз бож жорий этди. Кейинчалик эса глобал бож 10 фоиз этиб белгиланиб, кейин яна 90 кунга кечиктирилди.
Хитой билан музокаралар натижасида май ойида икки томон божларни пасайтиришга келишди. АҚШ хитой товарларига божларни 145 фоиздан 30 фоизгача, Хитой эса 125 фоиздан 10 фоизгача туширишга рози бўлди.
Европа Иттифоқи товарларига 50 фоизлик бож жорий этиш режаси эса 9 июлгача кечиктирилган.
Шу билан бирга, Трамп даврида молиявий бозорларда анъанавий тенденциялар ҳам ўзгармоқда. Ҳукумат облигациялари даромадлилиги ўсганига қарамасдан, доллар индекси пасайди — бу одатда ривожланаётган давлатларда кузатиладиган ҳолат ҳисобланади.