Унинг таъкидлашича, Ғазода инсонпарварлик ёрдами олишга ҳаракат қилган фаластинликларга қарши амалга оширилган ҳужумлар «ғайриинсоний» тусга эга. Тюрк Фаластин аҳолиси амалда оғир танлов олдида турганини – яъни очликдан ўлиш ёки ёрдам сўраган пайтида ҳалок бўлиш ҳолатига тушиб қолганини қайд этди.
Комиссар Исроил томонидан инсонпарварлик ёрдамининг тарқатилишига атайлаб тўсиқлар қўйилиши уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, у бу ҳолатларга дарҳол ва холис тергов ўтказилишини, айбдорлар жавобгарликка тортилишини талаб қилди.
Фолкер Тюрк, шунингдек, Халқаро жиноий суд 2024 йилда Исроилни фаластинликлар учун озиқ-овқат, сув, электр, ёқилғи, дори-дармон каби ҳаётий эҳтиёжларни таъминлаш бўйича чора кўришга мажбур қилганини эсга солди. У бу мажбуриятларни бажармаслик ҳеч қандай асосга эга эмаслигини айтди.
27 майдан буён Исроил ҳарбийлари Ғазода Америка ва Исроил томонидан молиялаштирилган ёрдам марказларига бир неча бор ҳужум қилган. Бу ҳужумлар асосан фаластинликлар ёрдам олиш умидида тўпланаётган «буфер зоналар»да амалга оширилган.
1 июн куни содир бўлган икки алоҳида ҳужумда 32 фаластинлик ҳалок бўлди, 232 киши яралангани маълум қилинди. БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги раҳбари Филипп Лаззарини: «Ғазода ёрдам тарқатилиши ўлим тузоғига айланган», дея баёнот берди.
Исроил армияси ҳам ўтган куни ёрдам сўраб келган фаластинликларга нисбатан ўт очилганини тан олди.