БМТ Хавфсизлик кенгашига беш давлат сайланди

04.06.2025 20:00 | 4 дақиқада ўқилади.

2025 йил 2 июнда БМТ Бош Ассамблеясида ўтказилган яширин овоз бериш натижасига кўра, беш мамлакат Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги икки йиллик аъзолигига сайланди. Ушбу давлатлар — Баҳрайн, Конго, Либерия, Колумбия ва Латвия бўлди.

Bmt

Сайловда иштирок этган 193 давлатдан 186 таси Баҳрайнни, 183 та давлат Конгони, 181 та Либерияни, 180 та Колумбияни ва 178 та давлат Латвияни қўллаб-қувватлади. Латвия тарихида илк марта Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлмоқда.

Латвия ташқи ишлар вазири Байба Браже бу натижани шарҳлар экан, мамлакатининг халқаро ҳамкорликда катта масъулиятни зиммасига олишга тайёр эканини билдирди. У Украинадаги урушга барҳам бериш ва Ғазо, Африка ҳамда бошқа минтақалардаги можароларни ҳал этишда фаол иштирок этишга ваъда берди.

Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заянининг таъкидлашича, уларнинг асосий мақсади минтақада тинчликни мустаҳкамлашдир. У Ғазода сулҳга эришиш, гуманитар ёрдам етказиш ва Исроилда гаровга олинганларни озод қилишни устувор вазифа сифатида кўрсатди.

Конго ташқи ишлар вазири Терез Кайиквамба Вагнер ушбу сайлов натижасини Африка давлатларининг бирдамлиги ва тинчлик масалаларидаги ҳал қилувчи ролини тан олиш сифатида баҳолади. У Конгони ўн йиллаб можаролардан келган тажрибаси билан Хавфсизлик кенгашига ҳисса қўшишини билдирди.

Либериянинг ташқи ишлар бўйича муовини Деу Грей мамлакатнинг 1961 йилдан буён биринчи марта Кенгашга сайланганини эслаб ўтди ва бу Африка манфаатларини ҳимоя қилишга интилиш эканини билдирди.

Колумбиянинг БМТдаги элчиси Леонор Залабата барча давлатларни инсон ҳуқуқлари ва табиат билан уйғунликда ҳамкорлик қилишга чақирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 15 аъзодан иборат бўлиб, унда бешта доимий (вето ҳуқуқига эга) ва ўнта икки йиллик муддатга сайланадиган аъзо давлат фаолият юритади. Янги аъзолар 2025 йил январидан Кенгашдаги фаолиятини бошлайди ва Алжир, Гайана, Жанубий Корея, Серра-Леоне ва Словения ўрнини эгаллайди.