Humans Сингапурда Ўзбекистонга қарши халқаро даъво қўзғатди

04.06.2025 09:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Humans компаниясининг Сингапурдаги таъсисчиси Ўзбекистондаги айрим давлат ташкилотлари томонидан етказилган моддий зарар учун компенсация талаб қилиб, халқаро арбитражга мурожаат қилди.

Humans

Бундан аввал Humans компаниясига тегишли UPay тўлов ташкилотига нисбатан Ўзбекистон Марказий банки томонидан санкциялар қўлланилган эди. Кейинчалик «Ўзбектелеком» Humans компаниясини катта миқдордаги қарзларни тўлаш ҳақида огоҳлантирган. Мазкур ҳолатлардан сўнг Humans Рақобат қўмитасига расман шикоят киритган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, 2024 йил 27 март санаси қўйилган расмий хатга кўра, «Ўзбектелеком» Humans компаниясидан 532 млрд сўм қарзни тўлашни талаб қилган. Ушбу сумма ичида 361,7 млрд сўм дебитор қарздорлик ва 170,3 миллиард сўм пенялар экани кўрсатилган.

Humans даъвосининг халқаро арбитражда қандай кўрилиши ҳозирча маълум эмас. Шуни таъкидлаш жоизки, бундан аввал Туркиянинг тўқимачилик компанияси ҳам Ўзбекистонга нисбатан 700 млн долларлик халқаро даъво киритган эди, аммо бу талаб рад этилган.