Кадастр паспортларини расмийлаштириш муддатлари узайтирилди

04.06.2025 15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда кадастр паспортларини бериш муддатлари янги қарор асосида узайтирилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ҳужжатда баён этилди.

Kadastr

Қарорда Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги қонун ижросини таъминлаш мақсадида кадастр хизматларига доир маъмурий регламентга ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, кадастр паспортларини тайёрлаш муддатлари объектнинг тури ва ўлчамига қараб узайтирилди.

Хусусан, кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун кадастр паспорти 5 иш кунида, якка тартибдаги уйлар учун эса 8 иш кунида тайёрланади. Илгари бу муддат мос равишда 3 ва 5 кун эди.

Яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари учун паспорт тайёрлаш муддатлари умумий майдонга қараб 8 кундан 35 кунгача этиб белгиланди. Шунингдек, кўп йиллик дарахтлар бор ер участкалари учун муддат 15 иш кунидан 40 иш кунигача этиб белгиланди.

Қарорга мувофиқ, Кадастр агентлиги ижара ёки мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун зарур бўлган электрон хужжатларни автоматлаштирилган ахборот тизимига юклайди. Бу ер участкаси, бино ёки иншоотдан реал фойдаланиш ҳолатига қараб амалга оширилади.

Янги регламент ерга, бинога ва бошқа кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштиришда шаффофлик ва аниқликни таъминлашни кўзда тутади.