Канада иммиграция қонунларини янада мураккаблаштирмоқда

04.06.2025 17:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Канада ҳукумати мамлакатда ноқонуний миграция ва жиноят оқимини чеклаш мақсадида янги, қаттиқроқ миграция қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, бошпана сўровлари чекланиши ва миграция аризаларини кўриб чиқиш вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Kanada

Иммиграция вазири Лена Диаб маълум қилишича, «Қаттиқ чегаралар тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси миграция тизимини мустаҳкамлаш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ олиб кирилишини тўхтатишга қаратилган. Унга асосан полицияга АҚШ билан чегарани назорат қилиш бўйича кўпроқ ваколат берилади.

Қонунга кўра, Канадада бир йилдан ортиқ яшаган шахслар бошпана сўраш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳукуматга почталарни очиб текшириш, пул ўтказмалари ва катта суммадаги нақд операцияларни чеклаш ваколати ҳам берилади.

Танқидчилар бу чора-тадбирлар фуқаролик эркинликларига зид эканини таъкидламоқда. Ҳужжатда 7300 доллардан ортиқ пул операциялари ва учинчи шахс ҳисобларига ўтказмалар ҳам чекланиши назарда тутилган.

Собиқ Бош вазир Жастин Трюдо ҳукумати иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида вақтинча ишчилар ва талабаларни қабул қилган эди. Аммо охирги пайтларда Канадада бошпана сўровлари кескин кўпайиб, аризаларни кўриб чиқиш икки йилгача чўзилмоқда.

Апрелда ўтган сайловларда ғалаба қозонган янги Бош вазир Марк Карни миграция даражасини барқарорлаштиришни ваъда қилган эди. Янги қонунга кўра, ҳукумат жамоат саломатлиги ёки миллий хавфсизликка таҳдид бўлганда, аризаларни кўриб чиқишни вақтинча тўхтатиши мумкин.