Мишустин чет эл техникасини тезроқ нусхалаш ва оммавий ишлаб чиқаришга чақирди

04.06.2025 08:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Бош вазири Михаил Мишустин мамлакатда техник ривожланишни таъминлаш учун чет эл технологияларини нусхалаш ва уларни ишлаб чиқаришга мослаштиришга чақирди. Бу, унинг таъкидлашича, саноат миқёсини кенгайтиришнинг асосий йўли бўлади.

Mishustin

Россия Бош вазири Михаил Мишустин «Россия саноатининг рақамли индустрияси» кўргазмаси доирасида сўзга чиқиб, мамлакатда «тескари инжиниринг», яъни чет эл техника ва технологияларини нусхалашни жадал ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Унга кўра, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари саноат ишлаб чиқаришини кенгайтиришнинг асосий омилларидан биридир.

«Агар биз яратиш ва моделлаштиришни яхши ўрганган бўлсак, энди энг муҳим вазифа — бу технологияларни оммавий ишлаб чиқаришга мослаштириш», — деди Мишустин «Интерфакс» агентлиги ёзган иқтибосда.

Бош вазир индустриал компетенциялар марказлари орқали олиб борилаётган ишларнинг натижалари кўрина бошлаганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, давлат идоралари ва саноат корхоналари ўртасида яқин ҳамкорлик инновацион ечимларни кўплаб соҳаларда қўллаш имконини яратади.

Мишустинга кўргазмада сунъий интеллект асосида ишловчи дастур намойиш этилди. У дастур техник чизмаларни таҳлил қилиб, ишлаб чиқариш жараёни учун техник вазифа тайёрлайди ва станоклар учун автоматик бошқарув кодини яратади. Мишустин буни «тескари инжиниринг» учун жуда муҳим восита деб атади.

Президент Владимир Путин ҳам феврал ойидаги чиқишида Россия олдида чет эл технологияларини алмаштириш эмас, балки янги ва инновацион ечимлар яратиш вазифаси турганини таъкидлаган эди.

Шу билан бирга, 2025 йилда «Миллий технологик ташаббус» дастури учун ажратиладиган маблағ 2024 йилга нисбатан икки бараварга қисқартирилди — 11,8 млрд рублдан 5,3 млрд рублга тушди. Бу дастур сунъий интеллект, квант ва нейротехнологиялар соҳаларини ривожлантиришни назарда тутган эди.