Bloomberg манбаларига кўра, НАТО Европадаги аъзо давлатларни ер устидан ҳаво ҳужумларидан ҳимоя (ҲҲҲ) тизимларини беш баробар кўпайтиришга чақирган. Бу умумий кўрсаткич бўлиб, ҳар бир давлат ўз имкониятларига қараб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
НАТО Бош котиби Марк Рютте бошчилигидаги навбатдаги мудофаа вазирлари учрашуви 5 июн куни Брюсселда бўлиб ўтади. Унда ҲҲҲ тизимларини кенгайтириш бўйича аниқ режалар муҳокама қилинади. Рютте Вилнюсдаги сўнгги учрашувда «Уруш ҳолатида эмасмиз, аммо тинчлик ҳам йўқ», деб таъкидлаб, блокнинг тўлиқ жанговар тайёргарликка ўтиши зарурлигини айтди.
Охирги 30 йил ичида НАТО ҲҲҲ тизимларини қисқартирган эди. Чунки Совуқ урушдан сўнг асосий эътибор Африка ва Яқин Шарқ таҳдидларига қаратилган эди. Аммо Украинадаги уруш ва Россиянинг НАТОнинг шарқий чегарасига хавф солиши фонида блок бу соҳадаги заифликни тузатишга ҳаракат қилмоқда.
ҲҲҲ тизимлари НАТО учун энг қиммат қуроллардан ҳисобланади. Германия ушбу соҳада етакчилик қилишни ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда «Европа осмон қалқони» лойиҳасини кенгайтиришни таклиф этмоқда. Канцлер Фридрих Мерц бу йўналишда миллиардлаб евро сармоя киритиш ниятида эканлиги билдирилди. Мазкур лойиҳа баллистик ракеталарга қарши ҳимоя қилишга қаратилган.
НАТО саммити 24–26 июн кунлари Ҳаагада ўтади. Унда аъзо давлатлар Совуқ урушдан бери энг йирик ҳарбий сарф-харажатларни кўриб чиқиши режалаштирилмоқда. Янги тавсияларга кўра, давлатлар ҳимоя харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача етказиши кутилмоқда. Бунинг 3,5 фоизи тўғридан-тўғри ҳарбий эҳтиёжларга, қолган 1,5 фоизи эса чегара хавфсизлиги ва киберхимояга йўналтирилади.