НАТО Европа давлатларини ҳаво мудофаасини беш баробар кучайтиришга чақирди

04.06.2025 18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

НАТО Европа мамлакатларини Россия хавфига жавобан қитъадаги ҳаво мудофааси имкониятларини беш баробар оширишга чақирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.

Img 7647

Маълумотларга кўра, бу масала 5 июн куни Брюсселда бўлиб ўтадиган НАТО Мудофаа вазирлари йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтади ва манбаларнинг айтишича, ҳаво мудофааси бўйича аниқ муддат белгиланмаган.

Ташаббус Европа ва Канада давлатларининг АҚШга боғлиқликни камайтириш ҳамда янги қуролланиш ҳаракатларининг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Ушбу йиғилиш 24–25 июн кунлари Гаагада бўлиб ўтадиган НАТО етакчилари саммити учун асос сифатида хизмат қилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, НАТО аъзолари мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизига етказишни мақсад қилмоқда. Бунинг 3,5 фоизи тўғридан-тўғри ҳарбий харажатлар, қолган қисми эса киберхавфсизлик, инфратузилма ва фуқаролик тайёргарлиги каби соҳаларга сарфланади.

НАТО бош котиби Марк Рютте 2 июн куни Вилнюсдаги йиғилишда: “Биз тўлиқ ҳарбий тайёргарликка ўтишимиз керак. Ҳозир урушда эмасмиз, лекин тинчлик ҳам йўқ”, — дея таъкидлаган.

Аслида, Европа сўнгги йилларда ҳаво мудофаасига оид етарли салоҳиятга эга эмаслиги билан танқид қилиб келинган. Россиянинг тўлиқ миқёсли уруш бошлаганидан сўнг Украинага юборилган қуроллар фондасида бу муаммо янада сезиларли бўлди.

2 июн куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ҳам мамлакатни “урушга тайёр ҳолатга” келтириш режаларини эълон қилган, жумладан, янги сувости кемалари қуриш ва ядровий қуролларга миллиардлаб сармоя киритишни маълум қилган эди.