4 июн куни НАТО штаб-квартирасида бўлиб ўтадиган Украина бўйича «Рамштайн» форматидаги Контакт гуруҳи йиғилишида АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет иштирок этмайди. Бу ҳақда Politico ва Associated Press агентликлари маълумот берди. Унинг ўрнига АҚШнинг НАТОдаги элчиси Мэттью Уитакер йиғилишда иштирок этади.
Бу Хегсетнинг «Рамштайн» форматидаги йиғилишни биринчи марта ўтказиб юбориши бўлади. Апрел 2022 йили ташкил этилган ушбу форматда НАТО ва Европа Иттифоқи аъзолари бошчилигида 50дан ортиқ давлат иштирок этади. Аввалида АҚШ йиғилишларга раислик қилган, феврал 2025дан бошлаб эса Буюк Британия ва Германия мудофаа вазирлари Жон Хили ҳамда Борис Писториус раислик қилмоқда.
Пентагон матбуот котиби Кингсли Уилсоннинг маълум қилишича, Хегсет ташриф жадвалидаги ўзгаришлар туфайли йиғилишда қатнашолмайди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Украинадаги урушни барқарор тинчлик шартларида якунлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Associated Press агентлигига кўра, Хегсетнинг «Рамштайн»да иштирок этмаслиги — АҚШнинг Украинадаги урушдан аста-секин дистанциялашуви йўлидаги сўнгги қадами ҳисобланади. Бироқ Хегсет 5 июн куни Брюсселда ўтадиган НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари учрашувида иштирок этади.