Россияликлар орасида тинчлик музокараларини қўлловчилар сони рекорд даражага етди

04.06.2025 08:30 | 4 дақиқада ўқилади.

«Левада-центр» томонидан май ойида ўтказилган сўров натижасига кўра, Россияда Украина билан тинчлик музокараларини қўлловчилар сони уруш бошланганидан бери энг юқори даражага — 64 фоизга етди. Бу кўрсаткич март ойидан буён 6 фоизга ошган.

No war

Россияликлар орасида Украина билан тинчлик музокараларини қўлловчилар сони кескин ошди. «Левада-центр» томонидан 2025 йил май ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳар уч россияликдан икки нафари — 64 фоизи урушни тўхтатиш ва музокаралар олиб бориш тарафдори эканини билдирган. Бу уруш бошланганидан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Март ойида ушбу кўрсаткич 58 фоизни ташкил этган, майга келиб эса 6 фоизга ошган. Шу билан бирга, урушни давом эттиришни қўллаб-қувватловчилар сони 28 фоизгача камайган. Солиштириш учун: 2023 йил май ойида бу кўрсаткич 48 фоиз, 2024 йил майида эса 43 фоизни ташкил этган.

Сўров натижаларига кўра, тинчлик тарафдорлари кўпроқ аёллар (73 фоиз), 24 ёшгача бўлган ёшлар (77 фоиз), кичик шаҳар ва қишлоқларда яшаувчилар (67 фоиз), мамлакатда ишлар нотўғри кетмоқда деб ҳисобловчилар (76 фоиз) ҳамда Россия президенти Владимир Путин фаолиятини маъқулламайдиганлар (77 фоиз) орасида кўпчиликни ташкил этади.

Аксинча, урушни давом эттиришни истовчилар асосан эркаклар (39 фоиз), 55 ёш ва ундан катталар (35 фоиз), Москва аҳолиси (40 фоиз), мамлакат ривожланишидан мамнунлар (32 фоиз) ҳамда Путинни қўлловчилар (30 фоиз) орасида учрайди.

Россияликлар май ойидаги энг ёдда қоларли воқеа сифатида Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни (22 фоиз) ва Россия ҳамда Украина ўртасида 16 май куни Истанбулда бўлиб ўтган тўғридан-тўғри музокараларни (20 фоиз) тилга олган. Бу музокараларни россияликларнинг 87 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги — 73 фоизи урушни тугатиш учун аввало низонинг илдиз сабабларини бартараф этиш, сўнгра ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиш лозимлигини таъкидлаган. Фақатгина 18 фоиз респондент эса биринчи навбатда ўт очишни тўхтатиш, кейин эса бошқа масалаларни ҳал этиш тарафдори экан.

Сўров 22-28 май кунлари шахсий интервью шаклида ўтказилган. Унда Россиянинг 50 минтақасидан 1613 нафар, 18 ёшдан катта фуқаролар иштирок этган.