Россиянинг олмос экспорти сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушди

04.06.2025 12:00 | 4 дақиқада ўқилади.

2024 йилда Россиянинг олмос экспорти сўнгги ўн йилликдаги энг паст даражага тушди. Кимберли жараёни маълумотларига кўра, соф ҳажмда экспорт 6,3 фоизга камайиб, 30,37 млн каратни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2015 йилдаги 30,8 млн каратдан ҳам паст бўлиб, 2021 йилдаги 48,6 млн каратлик экспортдан ҳам анча камдир.

Olmos

Пул ифодасида экспорт 28,6 фоизга қисқариб, 2,62 млрд долларни ташкил этди. Бунга Россия олмосларига бўлган талабнинг пасайиши ва нархларнинг тушиши сабаб бўлди. 2024 йилда Россия олмосининг ўртача нархи 24 фоизга арзонлашиб, карат учун 86,36 долларни ташкил этди. Бу орада, жаҳон бозорида ўртача нарх атиги 10 фоизга камайиб, карат учун 105,33 доллар бўлди.

Россиянинг олмос экспортдаги улуши соф ҳажмда 11 фоиз даражасида сақланиб қолган бўлса-да, пул ифодасида 10 фоиздан 9 фоизга тушди. Шу билан бирга, 2024 йилда Россия жаҳон олмос ишлаб чиқаришининг 32 фоизини таъминлади.

Россиянинг энг йирик олмос ишлаб чиқарувчиси «Алроса» компанияси АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкциялар таъсирида катта молиявий йўқотишларга учради. 2024 йилда компания соф фойдаси 4,4 бараварга камайиб, 19,3 млрд рублни ташкил этди. Шунингдек, компания захираларида 129,9 млрд рубл (тахминан 1,3 млрд доллар) қийматидаги сотилмаган олмослар тўпланди. Бу ҳолат Ҳиндистон каби йирик импортёрларнинг Россия олмосларига бўлган талабининг кескин пасайиши билан боғлиқ.

Алроса компанияси 2025 йилда кам рентабелли конларда ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиш ва ходимлар сонини қисқартириш режасини эълон қилди. Бу чора-тадбирлар глобал бозор нархларининг пасайиши ва G7 ҳамда Европа Иттифоқи томонидан Россия олмосларига нисбатан жорий этилган санкциялар манзарасида амалга оширилмоқда.

Европа Иттифоқи 2024 йил 1 январдан бошлаб Россия олмослари ва олмос заргарлик буюмларини импорт қилишни тақиқлади. Бу санкциялар Россиянинг олмос саноатига жиддий зарба бўлиб, компанияларни янги бозорлар излашга мажбур қилмоқда.

Россия олмос саноати ҳозирда глобал талабнинг пасайиши, нархларнинг тушиши ва санкциялар таъсирида инқироз ҳолатига дуч келмоқда. «Алроса» компаниясининг ишлаб чиқаришни қисқартириш ва ходимлар сонини камайтириш режалари бу соҳадаги муаммоларни янада чуқурлаштириши мумкин.