Украинадаги урушда икки томоннинг йўқотишлари 1,4 миллионга етди — CSIS

04.06.2025 22:45 | 3 дақиқада ўқилади.

The New York Times нашрининг CSIS таҳлилига таяниб ёзишича, Россия Украинада 1 миллион, Украина эса 400 минг ҳарбий йўқотган. Бу II жаҳон урушидан кейин урушдаги энг йирик қурбонлар сони ҳисобланади.

Urush

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралда бошланган Россия–Украина урушида умумий йўқотишлар сони 1,4 миллион кишига етган. Бу ҳақда The New York Times 3 июн куни хабар берди.

Таҳлилларга кўра, Россия томони 250 мингга яқин ҳарбийни йўқотган, яъни ҳалок бўлган. Умумий йўқотиш (яъни жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар) тахминан 1 миллион киши деб баҳоланган. Украина эса 400 минг ҳарбийни йўқотган, шундан 60–100 минг атрофидаси ҳалок бўлган, дейилади CSIS хулосасида.

CSIS таҳлилчилари таъкидлашича, бу рақамлар тўлиқ аниқ эмас, чунки Россия расман ўз йўқотишларини камайтиб кўрсатади, Украина эса бу ҳақда умуман расмий маълумот бермайди. Ҳисобот АҚШ ва Британия ҳукуматлари маълумотларига таянади.

Таҳлилчилар таъкидлашича, совет иттифоқи ёки Россия иштирок этган ҳеч бир уруш Украинадаги можаро каби катта йўқотишларга олиб келмаган. Масалан, II жаҳон урушида совет иттифоқи қарийб 8,7 миллион ҳарбийсидан ажралган.

Россия 2024 йил бошидан буён Украина ҳудудининг фақат 1 фоизига назорат ўрната олган. Ҳозир умумий ҳисобда Украина ҳудудининг тахминан 20 фоизи Россия назоратида.

CSIS таҳлилчисига кўра, Россиянинг бу урушда тўлиқ ғалабага эришиши учун АҚШ ўз ёрдамини тўхтатиши зарур. «Агар Трамп АҚШни ёрдам кўрсатишдан чиқариб олса, Путинда имконият пайдо бўлади. Акс ҳолда у жиддий муаммоларга дуч келади», — дейилади хулосада.