Украина ўтган ҳафта охирида Сибир ва Россиянинг шимолидаги бир нечта аэродромларга ҳужум қилганини маълум қилди. Айрим нишонлар фронт чизиғидан 4 300 km узоқликда жойлашгани қайд этилди.
Келлогг бу ҳужумларнинг техник зараридан кўра, Россия учун психологик таъсири катта бўлганини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу каби ҳужумлар ядровий учлик (бомбардимончи самолётлар, қитъалараро баллистик ракеталар ва сувости кемалари) каби миллий хавфсизлик тизимига тааллуқли бўлган қисмларга қаратилганида, жавоб чоралари ноаниқ бўлиб қолади.
АҚШ ва Россия жаҳондаги ядровий қуролларнинг тахминан 88 фоизини назорат қилади. Ҳар иккала давлатда ядровий зарбаларни амалга оширишнинг уч хил асосий усули бор: стратегик бомбардимончилар, ер орқали учириладиган ракеталар ва сувости кемалари.
Келоггнинг айтишича, айниқса, Украина Россия шимолидаги ҳарбий-денгиз базасига ҳам ҳужум қилгани ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар жиддий хавотир уйғотмоқда.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит эса сешанба куни Трамп мазкур ҳужумлар ҳақида олдиндан хабардор бўлмаганини маълум қилди.
Шу билан бирга, душанба куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бироқ улар сезиларли натижа бермади. Келогг Украина таклифини «жуда оқилона» деб баҳолади, Россия позициясини эса «максималистик» деб атади. Унинг таъкидлашича, айни дамда мақсад — икки томон ўртасидаги фарқни қисқартиришдан иборат.