Япония олимлари барча қон гуруҳлари учун мос сунъий қон яратди

04.06.2025 10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Япониялик тадқиқотчилар донорлар танқислиги муаммосини ҳал этиши мумкин бўлган универсал сунъий қон намунасини яратишди. Ушбу маҳсулот турли қон гуруҳларига эга бўлган беморларга хавфсиз тарзда қўлланилиши мумкин.

Japan blood

Сунъий қон муддати ўтган донор қонидан олинган гемоглобин асосида ишлаб чиқилган. Уни тайёрлашда махсус ҳимоя қобиғи қўлланилган бўлиб, у гемоглобинни вируслардан тозалайди ва унинг антитаначасиз бўлишини таъминлайди. Шу туфайли, янги маҳсулот турли қон гуруҳлари учун тўғри келади.

2022 йилда бошланган клиник синовлар жараёнида ҳеч қандай ножўя таъсир кузатилмаган. Япония олимларининг таъкидлашича, сунъий қонни 2030 йилгача оммавий ишлаб чиқариш ва тиббиёт амалиётига жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, сунъий қоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати —уни хона ҳароратида 2 йилгача сақлаш мумкин. Бу эса фавқулодда вазиятларда, масофавий ҳудудларда ва фронт шифохоналарида унинг қўлланиш имконини янада кенгайтиради.

Ушбу ютуқ қон етишмовчилиги, турли гуруҳлар ўртасидаги номутаносиблик муаммоси ва хавфли инфекциялардан ҳимоя қилиш каби масалаларни ечишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.