Европадаги автоқисм заводлари Хитойнинг экспорт чекловлари сабаб ёпилмоқда

04.06.2025 21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Европанинг автоқисм ишлаб чиқарувчи айрим корхоналари Хитой томонидан камёб ер металлари экспортига жорий этилган чекловлар сабаб тўхтаб қолди. Бу ҳақда Европа автоқисм ишлаб чиқарувчилар уюшмаси (CLEPA) маълум қилди.

Mashina

Маълумотларга кўра, апрел бошидан бери юзлаб экспорт лицензиялари сўралган бўлса-да, уларнинг фақат тўртдан биригагина рухсат берилган. Уюшма айрим рад этиш ҳолатларини «жуда ҳам расмийлаштирилган баҳоналар» билан изоҳламоқда.

CLEPAнинг баёнотида қайд этилишича, Хитойда экспорт жараёнлари вилоятларга қараб турлича олиб борилмоқда ва баъзи ҳолатларда интеллектуал мулкга оид махфий маълумотлар талаб қилинмоқда. Агар бу бюрократик муаммолар тез орада бартараф этилмаса, келгуси 3–4 ҳафта ичида янада кўпроқ корхоналар ишини тўхтатиши мумкин.

Апрел ойида Хитой камёб ер металлари ва магнитларини жаҳон бозорига чиқаришни вақтинча тўхтатишга қарор қилган эди. Бу қарор автомобилсозлик, аэрокосмик, чип ишлаб чиқариш ва мудофаа саноатидаги глобал таъминот занжирларини издан чиқарди.

Натижада Германия, АҚШ ва Ҳиндистондаги саноат уюшмалари ҳукуматларини Пекин билан музокаралар ўтказиб, масалани бартараф этишга чақирди.