GHF гуруҳи Ғазода ёрдам жойларини иккинчи кун ҳам ёпиқ қолдирди

05.06.2025 18:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган GHF ташкилоти Ғазодаги ёрдам тарқатиш нуқталарини иккинчи кун ҳам очмаслигини эълон қилди. Бу қарор фожеали ҳужумлардан сўнг қабул қилинди.

Gaza golod

4 июн куни Ғазо секторидаги бир неча GHF (Gaza Humanitarian Foundation) ёрдам тарқатиш нуқталари вақтинча ёпилди. Ташкилот бу чорани «техник хизмат кўрсатиш ишлари» билан изоҳлади. Бироқ ёпиш қарорининг асосий сабаби – тарқатиш нуқталари яқинида қайд этилган қонли ҳодисалар экани тахмин қилинмоқда.

Исроил армияси сўнгги тўрт кунда GHF нуқталари атрофида ёрдам олиш учун тўпланган фаластинликларга бир неча бор ўт очди. Сўнгги ҳужум 4 июн куни Рафаҳ шаҳрида рўй берди, унда 27 киши ҳалок бўлиб, 90 дан ортиқ инсон яраланди. Бир кун аввалги ҳужумда эса камида 31 киши ҳалок бўлган.

GHF ўз баёнотида тарқатиш пунктлари фақат таъмирлаш ишлари тугагач очилишини билдирган. Ташкилот айни пайтда ёрдам сўровчиларни Исроил армияси белгилаган йўналишларга амал қилишга чақиради.

Исроил армияси айбловларни рад этиб, фақат «белгиланган йўллардан чиқиб кетган» шахсларга нисбатан огоҳлантирувчи ўқ узилганини билдирган. Бошқа ҳолатларда, уларнинг таъкидлашича, аскарлар фақат ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳаракат қилган.

Халқаро Қизил Хоч жамғармаси (ICRC) 179 нафар жароҳатланган фуқарони қабул қилганини ва улардан 21 нафари шифохонага етиб келгандаёқ вафот этганини маълум қилди. Кўпчилик қурбонлар аёл ва болалар бўлган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳалок бўлганлар иши бўйича мустақил тергов ўтказишни талаб қилди. Буюк Британия ҳам бу ҳодисаларни «жуда хавотирли» деб баҳолаб, изчил ва мустақил суриштирув ўтказилиши лозимлигини билдирди.

Шу билан бирга, Ғазога нисбатан кенг қамровли ҳужумлар давом этмоқда. 5 июн кунининг ўзида ҳудуд бўйлаб 48 киши ҳалок бўлди.

2023 йил октабрдан бери, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳалок бўлган фаластинликлар сони 54 418 нафарга, жароҳатланганлар эса 124 190 нафарга етди.