Аввалига 2021 йилда ўтказилиши режалаштирилган саноқ сўнгги олти йил давомида турли сабаблар билан кечиктирилди. Охирги марта Ҳиндистон аҳолиси 2011 йилда расман рўйхатга олинган. Ҳукумат кечикишни аввал коронавирус пандемияси билан изоҳлаган, бироқ кейинги йилларда саноқнинг бошланмаслиги танқидларга сабаб бўлди.
Ички ишлар вазирлиги 5 июн куни маълум қилишича, рўйхатга олишнинг асосий санаси 2027 йил 1 март деб белгиланган. Ҳималай тоғли ҳудудлари — Ладак, Жамму ва Кашмир, Уттаракханд ва Ҳимачал-Прадешда эса саноқ 2026 йил 1 октябрга қадар амалга оширилади. Бироқ саноқнинг аниқ қачон бошланиши ҳозирча маълум қилинмаган.
Мазкур рўйхатда илк марта барча фуқароларнинг ирқий (каста) мансублиги ҳам қайд этилиши кутилмоқда. Бу эса Ҳиндистонда анъанавий равишда сиёсий ва ижтимоий тортишувларга сабаб бўладиган масала ҳисобланади. Охирги марта каста бўйича маълумотлар 1931 йилда, Британия мустамлака даврида тўпланган эди.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёни Ҳиндистоннинг 1948 йилда қабул қилинган қонунларига асосан ўтказилади. Бироқ мазкур қонун саноқ қачон ва қандай даврийликда ўтказилиши ёки унинг натижалари қачон эълон қилиниши кераклигини белгиламайди.
Мутaxассисларнинг таъкидлашича, бу кечикиш мамлакат миқёсида ресурслар тақсимоти ва ижтимоий дастурлар самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Таниқли иқтисодчи К.П. Каннаннинг 2023 йилда BBCга билдиришича: «Рўйхатга олиш — фақат аҳоли сонини аниқлаш эмас, балки давлат қарорларини маҳаллий даражада қабул қилиш учун зарур маълумотларни берадиган муҳим жараён»