Илон Маск АҚШнинг янги давлат бюджети лойиҳасини «даҳшатли» деб атаб, уни тубдан қайта ишлаш кераклигини маълум қилди. У бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали чиқиш қилди.
«Банкрот бўлаётган Америка — бу одатий ҳолат эмас», — деб ёзди тадбиркор ўзининг X (собиқ Twitter) саҳифасида. Маскнинг таъкидлашича, мавжуд лойиҳа мамлакат давлат қарзини яна 5 трлн долларга ошириши мумкин.
The New York Times хабарига кўра, ушбу бюджет лойиҳаси Доналд Трампнинг ички сиёсатини амалга оширишга қаратилган бўлиб, унда солиқларни камайтириш, мудофаа ва миграция сиёсатига харажатларни ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш, таълим ва «яшил» энергетикани молиялаштиришни қисқартириш кўзда тутилган.
Маск ушбу режаларни кескин танқид қилиб, улар мамлакат молиявий барқарорлигига жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги бюджет лойиҳаси кенг жамоатчилик ва мутахассислар иштирокида қайта кўриб чиқилиши керак.
Илон Маск АҚШ молиявий сиёсати бўйича аввал ҳам бир неча бор танқидий фикрлар билдирган. У айниқса давлат харажатларининг шаффофлиги, самарадорлиги ва узоқ муддатли оқибатларига эътибор қаратиш зарурлигини доимий равишда таъкидлаб келади.