Исроил Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йилда мамлакат қарийб 15 миллиард долларлик ҳарбий шартномалар тузиб, ўз тарихидаги энг юқори кўрсаткичга эришди. Бу 2023 йилда қайд этилган рекорддан 13 фоизга юқори. Келишувларнинг 54 фоизи Европа давлатлари билан амалга оширилди.
Шартномалар асосан ракета, ҳаво мудофааси тизимлари, зирҳли техникалар, сунъий йўлдош ва киберхавфсизлик соҳаларига тааллуқли. Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, шартномаларнинг ярмидан кўпи 100 млн доллардан ортиқ қийматда бўлган.
Қолган келишувлар — 23 фоиз Осиё-Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар, 12 фоиз Абрахам келишувлари доирасида Исроил билан муносабатларни нормаллаштирган араб давлатлари, 9 фоиз Шимолий Америка, 1 фоиздан Лотин Америка ва Африка давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац ушбу натижани мамлакатнинг майдондаги «ҳаракатдаги ютуқлари» билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, «дунё Исроил кучини тан оляпти ва унга шерик бўлишни хоҳлаяпти».
Бу орқали Исроил халқаро майдонда танқидларга қарамай, ўз ҳарбий маҳсулотларига бўлган талабни сақлаб қолмоқда. Аммо айни пайтда Канада ва Франция каби дўст давлатлар Ғазодаги уруш туфайли Исроилга нисбатан танқидларни оширмоқда, Буюк Британия эса эркин савдо музокараларини тўхтатиб қўйган.
Айрим мамлакатлар мудофаа келишувларини бекор қилишгача борган — хусусан, Испания Исроил компанияси шохобчаси ишлаб чиқариши керак бўлган танкга қарши ракета мажмуаси шартномасини бекор қилди.
Халқаро танқидларга сабаб бўлган Ғазодаги урушда 54 мингдан ортиқ инсон, асосан аёл ва болалар ҳалок бўлгани қайд этилмоқда. Бундан ташқари, Исроилнинг ёрдам киришини қарийб уч ой тўхтатиб қўйгани халқаро муносабатларга жиддий таъсир этди.