Италия 2026 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун 1500 иш ўрни ажратади

05.06.2025 08:31 | 3 дақиқада ўқилади.

Италия ҳукумати Ўзбекистондан келадиган мутахассислар учун алоҳида миграция квотасини жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Миграция агентлиги маълум қилди.

Ita migration

Қарор Италия элчиси Пиергабриэле Пападия де Боттинининг Тошкентда Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев билан ўтказган музокаралари доирасида эълон қилинди. Учрашувда 29 май куни имзоланган меҳнат миграцияси ва мобиллик бўйича англашув меморандумини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Италян дипломати мазкур ҳужжатни «тарихий аҳамиятга эга» деб баҳолар экан, унинг тез фурсатда тўлиқ амалга оширилишини қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон миграция соҳасида тўплаган тажрибаси билан Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга намуна бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Италия иқтисодиёти туризм, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж сезмоқда. Шу боис, 2026 йилдан бошлаб мамлакат 1500 нафар ўзбекистонлик мутахассис учун расмий иш ўрни квотаси ажратади.

Пиергабриэле де Боттини шунингдек, Италияда Ўзбекистондан ноқонуний мигрантлар йўқлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу омил ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Spot.uz нашрининг ёзишича, май ойида Ўзбекистон Словения билан меҳнат миграцияси бўйича ҳам шартнома имзолаш ниятида экани маълум қилинган эди. Унга кўра, 1500 нафаргача ўзбекистонлик ишчи Словенияда ойига 1100 евро маош билан ишлаш имконига эга бўлади.