Келажакдаги беш йилдан бири Ер тарихидаги энг иссиғи бўлиши мумкин

05.06.2025 11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

БМТнинг иқлим бўйича мутахассислари таъкидлашича, кейинги беш йил ичида камида биттаси инсоният тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши кутилмоқда. Бу Ердаги иқлим тизимида кескин ўзгаришлар рўй бераётганини англатади.

Issiq

БМТ ҳузуридаги Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (WMO) ўзининг навбатдаги ҳисоботида кейинги беш йиллик даврда Ерда ҳарорат даражаси жуда юқори бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Ташкилот экспертларига кўра, 2025–2029 йиллар орасида камида битта йил ўта рекорд даражада иссиқ бўлади ва эҳтимол, инсоният кузатувлари тарихидаги энг юқори ҳарорат қайд этилади.

Ҳисоботда айтилишича, Ердаги ҳарорат даражаси саноатгача бўлган даврга нисбатан ўртача 1,5 даражага ошиб кетиш эҳтимоли 80 фоизга етган. Бу Марказий Осиё, Жанубий Европа, Африка ва Жанубий Американи ўз ичига олган кенг ҳудудларда шиддатли иссиқлик тўлқинлари, қурғоқчилик ва табиий офатлар хавфини оширади.

WMO бош котиби Петтери Тааласнинг айтишича, Ердаги иқлим тизимида кузатилаётган ўзгаришлар шунчалик тезки, бу инсониятга ўзининг яшаш услубини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда. У иқлим ўзгаришининг асосий сабаби деб инсон фаолияти, хусусан, иссиқхона газлари чиқиндисини кўрсатди.

Мутахассислар хусусан 2023 йилнинг ўзида ҳам дунёда аномал иссиқлик кузатилганини, шу йилда глобал ҳарорат рекорди янгиланганини таъкидлади. Бу жараёнда иқлим ўзгариши билан бирга табиий ҳаво жараёнлари ҳам иштирок этган.

Шу муносабат билан WMO барча мамлакатларга атмосферага чиқариладиган зарарли газлар миқдорини кескин камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини кўришни тавсия қилмоқда.