НАТО Россиядан Украинага қарши интиқом кутаётганини маълум қилди

05.06.2025 08:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Украинанинг стратегик авиация базаларига қаратилган «Паутина» операцияси орқали амалга оширган кенг кўламли дрон ҳужумидан сўнг, НАТО Россиядан интиқом зарбалари бўлишини кутаётганини маълум қилди.

А 50

The Moscow Times нашрининг алянсдаги юқори лавозимли манбаси сўзларига кўра, Россиянинг жавоб ҳаракатлари янада кучли авиазарбалар билан намоён бўлиши мумкин. «Россия аввал ҳам бундай ҳужумлар учун алоҳида баҳона изламаган эди, энди эса ушбу операцияни янги босқичдаги тажовуз учун сабаб сифатида қўллаши эҳтимолдан йироқ эмас», — деган НАТО вакили.

Айни пайтда, НАТО расмийлари Россиянинг стратегик авиациясига етказилган зарарни ўз каналлари орқали тасдиқлашган. Маълум қилинишича, Украина ҳужумида 40 дан ортиқ самолёт шикастланган, шундан 10–13 таси тўлиқ йўқ қилинган. Йўқ қилинганлар орасида разведка А-50 самолётлари ҳам бор.

Шунингдек, манба операцияда НАТОга аъзо давлатларнинг разведка маълумотлари қўлланилгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтган. Аммо Россия авиация базалари жойлашган ҳудудлар кенг оммага маълум эканини таъкидлаган.

Алянс вакилининг таъкидлашича, ҳужумга учраган самолётларнинг ҳаммаси тўлиқ ишчи ҳолатида бўлганми ёки эҳтиёт қисмлар сифатида сақлангани ҳозирча аниқ эмас. У Москва томонидан можарони янада авж олдириш хавфи доимо мавжудлигини ҳам тан олган.