Олийгоҳларга қабул жараёни 5 июндан бошланади

05.06.2025 09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

5 июндан Ўзбекистонда олий ва касбий таълим муассасалари бакалавриатига кириш учун расмий қабул жараёни бошланади. Бу йил ҳам қабул жараёни «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида икки босқичда амалга оширилади.

Test

Биринчи босқичда абитуриентлар my.uzbmb.uz сайти орқали 25 июнгача онлайн рўйхатдан ўтади ва тест синовларида қатнашиш учун зарур параметрларни танлайди. Одатда бу фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ўз ичига олади. Агар абитуриент касбий ёки ижодий имтиҳон талаб қилинадиган йўналишни танласа, у ҳолда алоҳида олийгоҳ, таълим тили ва ҳудуд ҳам белгиланади.

Тест синовлари июл-август ойларида ўтказилади. Абитуриентлар балларини имтиҳондан кейинги куни билишлари мумкин. Имтиҳон натижалари асосида талабаликка тавсия этилганлар рўйхати 2-босқич якунлангандан сўнг эълон қилинади.

Иккинчи босқичда, кириш имтиҳонлари якунланганидан сўнг 15 кун мобайнида абитуриентлар ўзлари ўқишни истаган олийгоҳ, таълим йўналиши ва шаклини танлайди. Устуворлик тартиби ҳам шу босқичда белгиланади.

Техникумда ўқиш истагини билдирганлар эса олийгоҳ натижалари эълон қилинганидан кейин 10 кун давомида ўз танловини амалга оширади. Уларнинг натижалари ҳам бир ҳафта ичида маълум қилинади.

«Қабул-2025» штаби барча ОТМларда ташкил этилган. Шунингдек, вазирликнинг 1006, агентликнинг 1195 ишонч телефонлари ёки Telegram’dаги @EduuzuniversalBot орқали саволларга жавоб олиш мумкин.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож абитуриентлар учун давлат гранти асосида қўшимча параметрлар белгиланган. Ўтиш баллининг камида 80 фоизини тўплаганлар саралаб олинади. Юқори балл олганлар учун фоизсиз таълим кредити ҳам тақдим этилади.