Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан, Қурбон ҳайити муносабати билан Афғонистон аҳолисига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Юк таркибида 183 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари бўлиб, улар Балх вилоятидаги Ҳайратон шаҳри орқали қабул қилинди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, юклар “Астрас” компанияси ҳудудида расмий равишда топширилди. Топшириш маросимида Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис иштирок этди.
Ёрдам юклари таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон, қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган. Бу маҳсулотлар Афғонистон аҳолисининг кундалик эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган.
Афғонистон расмийлари вакиллари кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон Президенти ҳамда халқига самимий миннатдорлик билдирди. Улар Қурбон ҳайити муносабати билан ўз табрикларини ҳам етказишди.
Ўзбекистон сўнгги ойларда Афғонистонга бир неча маротаба инсонпарварлик ёрдами юбориб келмоқда. Бу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва дўстлик муносабатларининг амалий ифодаси ҳисобланади.