Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил биринчи чорагида Ўзбекистон давлат бюджетига 63,9 трлн сўм даромад тушди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 трлн сўмга ёки 21,5 фоизга кўп. Таққослаш учун, 2024 йилнинг биринчи чорагида ўсиш 11,6 фоизни ташкил этган эди.
Даромадлар таркибида энг катта улуш қўшилган қиймат солиғи ҳиссасига тўғри келди — 16,4 трлн сўм (+33,3 фоиз). Шунингдек, фойда солиғи 11,8 трлн сўм (+21,6 фоиз), фуқаролар даромад солиғи 9,3 трлн сўм (+20,8 фоиз) ва акциз солиғи 4,8 трлн сўм (+29,7 фоиз)ни ташкил этди. Ер ва мол-мулк солиғидан тушумлар мос равишда 2,1 трлн сўмни ташкил қилиб, бироз ўсиш қайд этилди.
Сувдан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар ўзгаришсиз қолди, солиқдан ташқари тушумлар эса 3,6 трлн сўмга етди ва 35 фоизга ошди. Бироқ ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан тушумлар 4,3 трлн сўм бўлиб, амалда ўсиш кузатилмади. Бу, асосан, нефть-газ компаниялари учун жорий этилган имтиёзлар туфайли содир бўлди.
Бу даврда давлат бюджети харажатлари ҳам ўсди — 10,1 фоизга кўтарилиб, 77,4 трлн сўмни ташкил этди. Шунга қарамай, меҳнатга ҳақ тўлаш, нафақа ва моддий ёрдамлар харажатларида қисқариш кузатилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида иш ҳақи харажатлари 1,8 фоизга ошган.
2024 йил якуни бўйича давлат бюджети даромадлари 274,4 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 42,7 трлн сўмга ёки 18,4 фоизга кўп. Йил якунида ҚҚСдан 59,3 трлн сўм, фойда солиғидан 52,6 трлн сўм, ер қаъридан фойдаланганлик солиғидан 20,2 трлн сўм тушган. Давлат харажатлари эса 310,9 трлн сўмга етган — жами харажатларнинг 49 фоизи ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.