Қурбон ҳайитида Тошкент метроcи вақтинча бепул ишлайди

05.06.2025 14:40 | 3 дақиқада ўқилади.

6 июн — Қурбон ҳайити куни Тошкент метрополитени 03:00 дан 10:00 гача йўловчилар учун бепул хизмат кўрсатади. Бу шаҳар аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилади.

Metro

Тошкент метрополитени Қурбон ҳайити муносабати билан 6 июн куни ўз иш фаолиятини одатдагидан икки соат эрта — соат 03:00 да бошлайди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотга кўра, 03:00 дан 10:00 гача барча йўловчилар метро хизматларидан бепул фойдаланишлари мумкин. Бундай тартиб байрам куни шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш, жумладан, ҳайит намозига қатнашиш имкониятини енгиллаштириш мақсадини кўзлайди.

Метрополитенда 7 июн куни поездлар шанба кунлари учун белгиланган жадвал асосида, 8 июн куни эса якшанба куни учун тасдиқланган жадвал бўйича соат 05:00 дан ҳаракатни давом эттиради.

Шунингдек, 6 июн куни шаҳар ички йўналишларидаги автобуслар ҳам соат 03:00 дан ўз ҳаракатини бошлайди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси маълумотига кўра, Тошкентдаги жоме масжидларда Қурбон ҳайити намози 6 июн куни соат 05:10 да ўқилади. Шу муносабат билан масжидлар атрофидаги йўлларда транспорт ҳаракати соат 00:00 дан 08:00 гача вақтинча тўхтатилади.

Бу ўзгаришлар ҳайит куни шаҳар инфратузилмаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай шароит яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.