Россия «British Council»ни «ноқонуний ташкилот» деб эълон қилди

05.06.2025 20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Бош прокуратураси «British Council»ни мамлакат манфаатларига таҳдид сифатида баҳолаб, уни расман «ноқонуний ташкилот» деб топди. Ташкилот инглиз тилини ўргатиш ниқоби остида Британия ғояларини тарқатаётганликда ва таъқиқланган ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётганликда айбланмоқда.

British council

Россия ҳукумати 5 июн куни Британияга алоқадор «British Council» ташкилотини мамлакатда ноқонуний деб эълон қилди. Бу қарор ортида Россия томонидан ташкилотнинг Буюк Британия манфаатларини тарғиб қилиш, Россия ички ва ташқи сиёсатига нисбатан танқидий позицияда туриш ва «экстремистик» деб топилган ЛГБТ ҳаракатини қўллаб-қувватлаётгани айбловлари ётибди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати — ФСБ томонидан тақдим этилган далиллар асосида чиқарилган қарорда «British Council» турли лойиҳалар орқали Россия сиёсатига путур етказишга уринаётгани қайд этилган. Давлат ахборот агентликлари хабарига кўра, ФСБ Британияни «жаҳон инқирозларининг бош манбаи ва урушларнинг қўзғатувчиси» сифатида атаган.

Шунингдек, ФСБ Британияни жаҳондаги можароларни чуқурлаштириш, геосиёсий рақибларини заифлаштириш ва ҳатто ўз иттифоқчиларини ҳам беқарорлаштиришда айблаган. «Лондон давлат тўнтаришларини ташкил этиб, миллатларни ўзаро тўқнаштирмоқда», — дейилади баёнотда.

«British Council» — 1934 йилда ташкил этилган Британия ташқи ишлар вазирлигига қарашли маданий ва таълим ташкилоти ҳисобланади. У дунё бўйлаб 200 дан ортиқ давлат ва ҳудудда фаолият юритади ва асосан инглиз тилини ўргатиш, таълим дастурлари ва маданий алоқаларни ривожлантириш билан шуғулланади. Россияда эса бу ташкилот 2018 йилдан бери расман фаолият юритмайди.

Россияда «ноқонуний ташкилот» деб топилган тузилмалар фаолияти тақиқланади. Уларнинг ишларида иштирок этган шахслар бир неча йиллик қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин. Бу сиёсат сўнгги йилларда мустақил жамият институтларига қарши босимнинг кучайиши фонида амалга оширилмоқда.