2022 йилда Украинага босқиндан сўнг АҚШ ва ЕИ Россияга самолёт ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тақиқлади. Шунинг натижасида «Аэрофлот» таркибидаги Airbus ва Boeing самолётлари турли техник муаммоларга дуч келмоқда. Россия эса 2030 йилгача 1000 дан ортиқ фуқаролик самолёти ишлаб чиқаришни мақсад қилган, бироқ охирги уч йилда фақат саноқли самолётлар ишлаб чиқарилган.
«Аэрофлот» раҳбарига кўра, санкцияларга мослашиш давомида компания ўз прогнозларини яхшилаган ва келгусида яна ошириш эҳтимолини истисно қилмайди. Унинг таъкидлашича, Россия авиасаноати билан ўзаро англашув мавжуд ва самарали миллий авиапарк яратиш зарур.
«Хориж бозорларига чиқиш имкони пайдо бўлса ҳам, Ғарб ва Россияда ишлаб чиқарилган самолётлар нисбати қонун даражасида аниқ белгиланиши керак», — деди Александровский «Коммерсантъ» нашрига.
У маҳаллий самолётлар билан боғлиқ муаммоларни тан олди, аммо уларни босқичма-босқич янги MC-21 ва Superjet самолётларини жорий қилиш орқали ҳал этиш мумкинлигини айтди. «Дарҳақиқат, 100 та янги самолётни дарҳол олмаймиз», — деди у.
Айрим авиакомпаниялар бундай протекционист ёндашувни маъқулламаслиги мумкин. Аммо, раҳбарнинг таъкидлашича, масала кимнинг йўқтириши эмас, балки Россия авиасаноатининг келажаги ва унга киритилган давлат инвестициялари самарадорлиги ҳақида.