The Moscow Times нашри логистика бозоридаги манбаларига таяниб хабар беришича, ЙПХ ходимлари ҳатто божхона муҳри бор юк машиналарини очиб кўрмоқда. Бу эса ҳужжатларни қайта расмийлаштиришга олиб келмоқда. Челябинск ва Иркутск областларида текширувлар жуда фаоллашган, айрим ҳайдовчилар бир неча постларда 10 соатгача навбатда туришга мажбур бўлган.
Россия расмийларига кўра, Украина ҳужумида ишлатилган дронлар Челябинскдаги омборларда сақланган бўлиб, улар Хитойдан Қозоғистон орқали ноқонуний олиб кирилган бўлиши мумкин. Ҳужумда иштирок этган фуралар айнан Челябинск рақамларига эга бўлган. Бу диверсияда гумон қилинаётган шахс — 37 ёшли Артём Тимофеев қидирувга берилган.
Операция «Паутина» («Ўргимчак тўри») деб номланиб, у 1,5 йил давомида СБУ томонидан тайёрланган. Дронлар кичик контейнерларда яширинча олиб кирилган, ҳужум пайтида эса улар фураларга юкланиб, аэродромлар яқинига етказилган. Контейнерлардан дронлар масофадан бошқарилган ҳолда учирилган.
НАТО маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида 10–13 та стратегик самолёт, жумладан, 300 млн долларлик А-50 самолёти йўқ қилинган. Украина ҳужуми Россияда хавотир уйғотган бўлса-да, ҳарбий экспертларга кўра, бу ҳужум Россиянинг ядровий салоҳиятига жиддий таъсир қилмайди.