Шойгу ва Ким Чен Ин ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди

05.06.2025 12:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Сергей Шойгу КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашув ўтказиб, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Бу ҳақда КХДР оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Kim chen in

Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Сергей Шойгу Корея Халқ Демократик Республикасига сафари доирасида мамлакат етакчиси Ким Чен Ин билан музокаралар ўтказди. КХДР расмий ахборот агентлигининг маълум қилишича, учрашув давомида томонлар ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги муносабатлар, минтақавий ва халқаро вазият ҳақида фикр алмашган.

Учрашув 3 июн куни Пхенянда бўлиб ўтган. Шойгу Ким Чен Инга Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва тилакларини етказган. КХДР раҳбари эса, ўз навбатида Путинга салом ва энг эзгу тилакларини йўллаган. Қайд этилишича, музокаралар дўстона муҳитда ўтган.

Муҳокамалар чоғида Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Расмий Пхеняннинг таъкидлашича, томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ниятида эканликларини билдиришган.

Россия томони учрашувга оид расмий маълумот бермаган, аммо бу Шойгунинг янги лавозимда КХДРга қилган биринчи расмий сафари бўлди.