Словения ва Мўғулистондаги қурилиш ишларига ўзбекистонликлар таклиф этилмоқда

05.06.2025 15:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонликлар Словения ва Мўғулистонда қурилиш ишларига ишга жалб этилмоқда. Маош мос равишда 1000 евро ва 1000 долларгача, номзодлардан иш тажрибаси ва касбий малака талаб этилади.

Quruvchilar

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Словениянинг Kolektor Construction компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 35 нафар ўзбекистонлик мутахассис Словенияда қурилиш соҳасида ишлашга таклиф этилмоқда. Бетон аралаштирувчи юк машинаси ҳайдовчиси, гидравлик экскаватор оператори ва асфальт ётқизиш ишлари учун бўш ўринлар мавжуд.

Иш ҳақи ойига 1000 евро этиб белгиланган, ойлик иш соати эса 200 соат. Номзодлар 25–45 ёшда, о‘рта махсус маълумотли, камида 5 йиллик иш тажрибасига эга, судланмаган, четга чиқиш тақиқисиз ва инглиз тилини мулоқот даражасида билиши лозим.

Ишчиларга виза ва ишлаш рухсатномаси билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади. Шунингдек, кунлик озуқа учун 7,5 евро, йиллик бонус ва бошқа ижтимоий шартлар ҳам тақдим этилади. Бироқ номзодлар авиа чипта, турар жой ва агентлик хизмати (1 июлдан бошлаб 4,1 млн сўм) учун тўловни ўзлари амалга оширади.

Бундан ташқари, GlobalHR хусусий агентлиги Мўғулистонда қурилиш ишлари учун 50 нафар ишчи жалб қилмоқда. У ерда ошпаз, қолибчи ва ёрдамчи ишлари бўйича бўш ўринлар мавжуд. Синов муддатида иш ҳақи 800 доллар, кейинчалик эса 1000 доллардан бошлаб белгиланади.

Номзодлардан жисмоний тайёргарлик, 25–45 ёш ва касб бўйича тажриба талаб этилади. Ишчиларга бепул турар жой, уч маҳал овқат, виза ва авиа чипта билан таъминлаш назарда тутилган.

Миграция агентлиги барча талабгорларни махсус ҳаволалар орқали рўйхатдан ўтишга ва масʼул агентликлардан тўлиқ маълумот олишга чорламоқда. Маълумот учун телефон ва Telegram орқали мурожаат қилиш мумкин.

Маълумот учун, май ойида Ўзбекистон ва Словения меҳнат миграцияси соҳасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида экспертлар гуруҳи тузишга келишиб олган. Миграция агентлиги раҳбари Бехзод Мусаевнинг таъкидлашича, Словенияда ўзбекистонликлар учун яхши шароитлар яратилган.