Тошкентда пиёда йўлаклари ва сайилгоҳлар учун 81,5 млрд сўм ажратилди

05.06.2025 13:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Шавкат Умрзоқов қарорига кўра, маблағ компенсация, велосипед йўлаклари, сайилгоҳлар ва фавворалар қурилишига йўналтирилади.

Toshkent

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 2025 йил 4 июн куни 81,5 миллиард сўмлик маблағни йўналтириш бўйича қарор қабул қилди. Қарорга кўра, мазкур маблағ шаҳардаги бир неча муҳим лойиҳаларга сарфланади.

Ажратиладиган маблағ мулкдор ва фермер хўжаликлари ерларининг захира ер фондига ўтказилиши билан боғлиқ равишда тўланадиган компенсациялар, Янги Ўзбекистон кўчасида пиёда ва велосипед йўлаклари қурилиши ҳамда ҳудудда сайилгоҳлар ва фавворалар ташкил этишга йўналтирилади.

Шунингдек, қарор асосида мазкур ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Ижро назорати Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Баҳром Ҳайдаров зиммасига юклатилган. У халқ депутатлари шаҳар кенгашига ҳисобот тақдим этади.

Ушбу маблағлар шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, жамоат жойларини кўпайтириш ва аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида йўналтирилаётгани таъкидланмоқда. Аввалроқ Андижон шаҳрида шунга ўхшаш мақсадда 3,2 миллиард сўм ажратилган эди.