«Humans» МЧЖ виртуал мобил оператори 2020 йилдан буён Uztelecom АК тармоғидан шартнома асосида фойдаланиб, ўз инфратузилмасини яратмаган ҳолда мобил хизматлар кўрсатиб келмоқда. Бироқ компания хизматлардан олинган даромадга қарамай, тўловларни кечиктириб, катта миқдорда қарздорлик йиғилганини қайд этган.
Uztelecom расмий баёнотида, Humans бошқа операторлар — Ucell, Beeline, Mobi.uz билан ҳам ишлаши мумкинлигини, яъни бозордаги рақобатда ўз танловига эга эканини таъкидлади. Компания интернет нархларини пасайтириш бўйича олиб борилган ислоҳотларни мисол қилиб келтириб, 2017–2024 йилларда 1 Mbit/s нархи 40 баробарга арзонлаштирилганини таькидлаган.
Компания маълум қилишича, Humans узоқ йиллар давомида шартнома талабларини бузиб келган, хизматлар учун тўлов қилмаган. Истеъмолчилар манфаатини ҳисобга олган ҳолда Uztelecom хизмат кўрсатишни тўхтатмаган. Аммо кейинчалик зарарни чеклаш ва қарзни ундириш мақсадида 8 май куни Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво киритган ва суд қарздорликни ундириш юзасидан қарорини эьлон қилган.
Шу билан бирга, Uztelecom нотўғри маълумотлар тарқатиладиган бўлса, ўз обрўсини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини маълум қилди. Компания очиқлик, адолатли рақобат ва қонунларга амал қилиш тамойилларига содиқ эканини билдириб, Humans каби бозор иштирокчилари билан конструктив мулоқотга тайёрлигини билдирди.