Япониялик олимлар денгиз сувида эрийдиган пластик яратди

05.06.2025 17:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Японияда бир неча соат ичида денгиз сувида тўлиқ парчаланадиган янги турдаги экологик пластик яратилди. Ушбу ихтиро океан ифлосланиши муаммосини ҳал этишда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Yaponiya

Япониялик олимлар денгиз сувида эрийдиган пластик яратди

Японияда бир неча соат ичида денгиз сувида тўлиқ парчаланадиган янги турдаги экологик пластик яратилди. Ушбу ихтиро океан ифлосланиши муаммосини ҳал этишда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Япониянинг Токио университети ва Физик-кимёвий тадқиқотлар институти олимлари денгиз сувида бир неча соатда тўлиқ эрийдиган пластик моддани яратишга муваффақ бўлди. Reuters агентлиги хабарига кўра, ушбу модда анъанавий пластмассадан фарқли ўлароқ, жуда тез парчаланади ва ҳеч қандай зарарли из қолдирмайди.

Вако шаҳрида жойлашган лабораторияда ўтказилган синовда тадқиқотчилар бир соат давомида денгиз сувида аралаштирилган пластик бўлагининг бутунлай йўқолганини намойиш этишди. Лойиҳа раҳбари Такузо Аиданинг сўзларига кўра, яратилган модда нефть асосидаги пластик каби мустаҳкам, бироқ у заҳарли эмас, ёнмайди ва ҳавога углерод гази чиқармайди.

Бу пластик таркибий қисмлари кейинчалик табиий бактериялар томонидан қайта ишланиши мумкин. Бундай ёндашув сув муҳитига зарар етказувчи ва инсон овқат занжирига кирувчи микроҳиссачаларнинг (микропластик) пайдо бўлишининг олдини олади.

Такузо Аиданинг таъкидлашича, бу пластмассага махсус қоплама суртилгандан сўнг у оддий пластик сингари ишлатилади. Ҳозирда олимлар айнан шу қоплама технологияларини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Олимнинг фикрича, инсон болалари қайси сайёрада туғилишини танлай олмайди, шунинг учун улар учун энг яхши муҳитни қолдириш – бу илмий жамоа масъулиятидир. Айни вақтда қуруқликдаги шароитда бундай пластик 200 соатдан кўпроқ вақт давомида парчаланиши мумкин.

БМТнинг Атроф-муҳит дастури маълумотларига кўра, 2040 йилга келиб пластик чиқиндилар оқими уч баробарга ортиб, ҳар йили океанларга 23–37 млн тоннагача пластик ташланиши мумкин. Бу нафақат денгиз тизимларига, балки инсон саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиради.