Бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов қарийб 9 млн сўмга етади

11:20 | 2 дақиқада ўқилади.

1 августдан бошлаб Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10 фоизга оширилиб, 1 млн 271 минг сўм этиб белгиланади. Бу ўзгариш ҳарбий хизмат тўловига ҳам таъсир кўрсатади.

Harbiy

Сафарбарлик чақируви резерви доирасидаги бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 бараварига тенг. Демак, 1 августдан ушбу тўлов ҳозирги 8 млн 85 минг сўмдан 8 млн 897 минг сўмгача кўтарилади.

Ўзбекистонда ушбу тартиб 2019 йилдан жорий этилган. Шундан бери бир ойлик хизмат тўлови йилма-йил ошириб келинмоқда. Масалан, 2019 йилда бу кўрсаткич 4 млн 40 минг сўм бўлган бўлса, 2024 йилда 8 млн 85 минг сўмга етган. Яъни 6 йилда тўлов икки бараварга ошган.

Сафарбарлик чақируви резервига қабул қилинганлардан пул бадаллари бир ёки бир неча ойда бўлиб-бўлиб тўлаш орқали ундирилади. Тушган маблағлар Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисоб рақамида жамланади ва ҳарбийлар таъминоти, моддий база ҳамда нафақалар учун сарфланади.

Ушбу хизмат турига 27 ёшгача бўлган фуқаролар қабул қилинади. Улар зарурат туғилганда ҳақиқий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкин.