Европанинг беш давлати болалар учун TikTok ва YouTube’ни тақиқлашни таклиф қилди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Франция, Греция, Дания, Словения ва Кипр расмийлари 15 ёшдан кичик болаларга TikTok, YouTube, Instagram каби оммабоп ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш таклифини илгари сурди. Улар бу ташаббус орқали болаларни онлайн хавфлардан ҳимоя қилишни мақсад қилган.

Smartfon bola

Deutsche Welle ёзишича, Люксембургда бўлиб ўтган Европа Иттифоқининг рақамли технологиялар бўйича вазирлар учрашувида Франция томонидан платформаларни мажбурий тарзда ота-оналар рухсатини талаб қилишга мажбур қилувчи қонун таклиф қилинди. Францияда шундай қонун икки йил олдин қабул қилинган, аммо у ҳали Евроиттифоқ тасдиғидан ўтмаган.

Ҳозирги амалиётда Европада болалар ўз туғилган санасини ўзгартириш орқали 13 ёшдан бошлаб рухсат этилган TikTok, Instagram, Snapchat ва X тармоқларига, ҳамда 16 ёшгача чекланган YouTube ва Tumblr’га осонликча кириб кетишмоқда. Франциянинг рақамли ривожланиш вазири Клара Шаппаз маълум қилишича, Европада болалар ижтимоий тармоқлардан ўртача 7–8 ёшдан фойдаланишни бошлашади.

Ташаббускорлар фикрича, ижтимоий тармоқларда нафрат тили, буллинг ва порнография каби таҳдидлар мавжуд. Шунингдек, смартфонлар ва интернетга орттиқча тобелик болаларда хавотирли ҳолатлар, депрессия, ҳамда танқидий фикрлаш қобилияти пасайишига олиб келиши мумкин.

Бу масалани ҳал этиш учун Европа Комиссияси ёшни аниқлашга хизмат қилувчи махсус дастурий иловани яратишни режалаштирмоқда. Ушбу илова орқали ижтимоий тармоқларга фойдаланувчи камида белгиланган ёшга етган-етмаганини аниқлаш имкони бўлади.