RTL телеканали эфирида сўзга чиққан Барро, Франция Фаластин муаммосида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида алоҳида масъулиятга эгалигини таъкидлади. «Агар биз Фаластинни тан олсак, бу унинг ҳақиқий давлат сифатида мавжудлигини мустаҳкамлаш учун бўлади», — деди вазир.
Барро маълум қилишича, 17–20 июн кунлари Ню Йоркда Франция ва Саудия Арабистони ҳамраислигида бўлиб ўтадиган БМТ конференциясида Париж Фаластинни тан олиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган аниқ мажбуриятларни эълон қилади.
Шу билан бирга, вазир мазкур анжуманда Франция расман тан олиш қарорини эълон қилиши ё қилмаслиги борасида аниқ жавоб бермади.
Париж ўз позициясини яна бир бор таъкидлади — тан олиш маълум шартлар бажарилган тақдирдагина амалга оширилади. Улар қаторида: ҲАМАС томонидан асирликда ушлаб турилган барча маҳбусларни озод қилиш, ҳаракатнинг тўлиқ қуролсизлантирилиши, уни бошқарувдан четлатиш, Исроилни тан олиш ва Фаластин раҳбариятида ислоҳотлар ўтказиш талаблари бор.