«Паутина» амалиётидан сўнг Россия узоқ масофали авиациясини тез орада тиклай олмайди — ОАВ

13:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Украина махсус хизматлари амалга оширган «Паутина» амалиёти чоғида Россиянинг Ту-95МС ва Ту-22М3 бомбардимончи учоқлари йўқ қилинди. Экспертлар таъкидлашича, Россия ушбу йўқотишларни яқин келажакда тиклай олмайди.

Maxar

Reutersʼнинг хабар беришича, дронлар воситасида амалга оширилган ҳужумлар натижасида Россия ҳозир ишлаб чиқарилмаётган бир неча узоқ масофаларга парвоз қилувчи учоқларидан маҳрум бўлди. Украина хавфсизлик хизмати тарқатган видеоларда ҳаво ҳужумига учраган самолётлардан баъзилари Х-101 қанотли ракеталари билан жиҳозлангани кўринган.

Лондондаги RUSI маркази авиация бўйича эксперти Жастин Бронк таъкидлашича, Россия бу бомбардимонларни бутун уруш давомида украин шаҳарлари, ҳарбий объектлар ва энергетика инфратузилмасига зарба беришда фаол фойдаланган. Унинг ҳисоб-китобича, Россия «Паутина» амалиёти ва олдинги ҳужумлар туфайли узоқ масофали флотининг камида 10 фоизини йўқотган.

Украина СБУ ва Бош штаби маълумотларига кўра, умумий ҳисобда Россия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли 41 та самолёт ишдан чиқарилган, шулар қаторида узоқ радиолокацион кузатувчи А-50 учоғи ҳам бор. The New York Times ва НАТО манбалари ушбу зарарлар миқёсини тасдиқлади. Америка расмийларининг баҳолашича, ҳужумда 20 га яқин учоқ зарар кўрган, улардан камида 10 таси тўлиқ йўқ қилинган.

Россия бу йўқотишларнинг ўрнини қоплашда қийналади. Совет даврида ишлаб чиқарилган Ту-95МС ва Ту-22М3 учоқлари анча вақт олдин ишлаб чиқаришдан тўхтатилган. Ту-160М самолёти йилига атиги тўрт дона ишлаб чиқарилмоқда. Янги стратегик бомбардимончилар лойиҳаси эса 2027 йилдан аввал ишлаб чиқаришга киришмайди.

Халқаро таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россияда бугунги иқтисодий ва технологиявий чекловлар шароитида узоқ авиация дастурини тезлаштириш амри маҳол. Ҳанс Кристенсен (FAS) ва Дуглас Барри (IISS) каби экспертлар санкциялар, микропроцессор танқислиги ва саноат салоҳияти етишмаслиги туфайли Россия ушбу йўқотишларни узоқ муддат давомида тўлиқ тиклай олмаслигини билдиришмоқда.

WSJ манбаси, АҚШ мудофаа вазирлигининг собиқ амалдори Майк Малрой бу амалиётни «разведка ва тайёргарлик даражаси бўйича тарихдаги энг самарали махсус операциялардан бири» деб баҳолади.