Пентагон Хитойнинг ҳарбий салоҳияти бўйича ҳисобот эълон қилди

20:00 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Хитой Халқ Республикасининг ҳарбий қудрати ҳақидаги анъанавий йиллик ҳисоботини тақдим этди. Ҳужжатда 2024 йил якунигача бўлган маълумотлар асосида Хитой армияси ривожланиши, қуролланиш жараёни ва минтақавий устунлик ҳаракатлари батафсил ёритилган.

Pentagon

Ҳисоботга кўра, Хитой ҳарбий соҳада юқори суръатларда модернизация жараёнларини давом эттирмоқда. Жумладан, гипертовушли қуроллар, сунъий интеллектга асосланган тизимлар, узоқ масофали баллистик ракеталар ҳамда замонавий авиабардорлар сони ошган. Шунингдек, ядровий салоҳияти ҳам кенгайгани қайд этилган.

Пентагон Хитойни АҚШнинг глобал рақиби сифатида кўрсатиб, унинг Тайван бўйича амбицияларини хавфли деб баҳолаган. Ҳисоботда таъкидланишича, Хитой ҳарбийлари Тайван оролини босиб олиш имкониятини назарий жиҳатдан тўлиқ ўрганиб чиққан бўлиши мумкин.

Бундан ташқари Хитойнинг киберқудрати ва электрон разведка соҳасидаги ютуқлари ҳам таҳлил қилинган. Пентагон Хитойнинг техник инфратузилмаси ва сунъий интеллектга асосланган ҳарбий дастурларини жиддий таҳдид сифатида баҳолаган.

Хитой томони ушбу ҳисоботларга доимий равишда раддия бериб келади. Пекин Вашингтонни ҳарбий мувозанатни бузишда айблаб, бу каби таҳлиллар икки давлат ўртасидаги ишончни сусайтиришини таъкидлаган.