«Газпром»нинг йиллик ҳисоботига кўра, Россия 2024 йилда Ўзбекистонга 5,64 млрд метр куб газ етказиб берди. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 4,36 млрд куб метрга кўп бўлиб, етказиб бериш ҳажми 4,4 баробарга ошганини англатади.
Бу ҳолат Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга, чунки 2023 йилда мамлакат мустақилликдан бери илк бор газ экспортидан кўра импортга кўпроқ таяна бошлаган. 2024 йилда ҳам ушбу тенденция сақланиб қолди.
Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳажми ўтган йилда 2,41 баробарга кўпайиб, умумий қиймати 1,67 млрд долларни ташкил этди. Бироқ Энергетика вазирлиги ҳам, Миллий статистика қўмитаси ҳам газ импортининг аниқ ҳажмлари ва келиб чиқиш манбалари ҳақида очиқ маълумот бермаяпти.
«Газпром» раҳбари Алексей Миллер 2024 йилнинг август ойида Россиядан газ етказиб бериш «техник имкониятнинг энг юқори чегарасида» амалга оширилаётганини айтган. Газ етказиб бериш «Марказий Осиё — Марказ» газ қувури орқали Қозоғистон ҳудудидан ўтиб, Ўзбекистонга транзит тарзида амалга оширилади.
Россия президенти Владимир Путин ҳам газ етказиб бериш ҳажмини янада ошириш режалари ҳақида маълум қилган. 2023 йил 7 октябрдан буён Россия гази Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериляпти. 2024 йил охиригача мазкур транзит 2,8 млрд метр кубга етиши кутилмоқда.
Алексей Миллер таъкидлашича, Россия ва Марказий Осиё давлатлари 15 йиллик газ ҳамкорлик битимини муҳокама қилмоқда. Газ қувурларини кенгайтириш ва етказиб бериш ҳажмини ошириш «Газпром»нинг режалари қаторида.
ОАВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон Россиядан табиий газни ички тарифлардан анча юқори нархда — минг метр куби учун тахминан 160 АҚШ долларига сотиб олган. Бу нарх Туркия ва Хитой учун белгиланган тарифлардан арзонроқ саналади. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов келишув шартлари махфийлиги сабабли расмий нархларни ошкор қилмаган.
2025 йилда «Газпром» газ етказиб беришни яна тўрт баробарга ошириб, 11 млрд метр кубга етказиши кутилмоқда.