Британияда ўтказилган сўровларга кўра, одамлар кунига тавсия этиладиган 6–8 стакан сувнинг ярмидан ҳам камроғини ичишади. Бу эса нафақат организмни қуриши, балки узоқ муддатли касалликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аризона штати университети профессори, гидратация фанлари лабораторияси раҳбари Ставрос А.Кавураснинг таъкидлашича, сув ҳароратни назорат қилиш, озуқа моддаларини ташиш, чиқиндиларни чиқариш ва буғимларни мойлашда асосий рол ўйнайди, деб ёзади The Telegraph нашри.
Инсон организмининг тахминан 60 фоизи сувдан иборат. Лекин терлаш, пешоб чиқариш, нафас олиш ва бошқа жараёнлар орқали кунига тахминан 2–2,5 литр суюқлик йўқолади. Агар ушбу йўқотиш ўз вақтида тўлдирилмаса, сурункали гипертония, диабет, алцгеймер каби касалликларга олиб келиши мумкин.
Профессор Кавураснинг сўзларига кўра, кўпчилик одамлар енгил даражада сувсизланган ҳолда ҳаёт кечиради ва бу ҳолат уларнинг умумий аҳволига сезиларли таъсир кўрсатади. Энг хавфлиси, ёши катталар, дори қабул қиладиганлар ёки ич кетиши бўлганлар учун бу ҳолат жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳар куни сув етишмаслигининг биринчи ва энг оддий белгиларидан бири — кучли чанқоқ ҳисси. Бу тана оғирлигининг икки фоизига тенг суюқлик йўқотилганини англатади. Профессор Дилип Лобо таъкидлашича, бу ҳолатда сув ичиш организмдаги мувозанатни тиклайди ва ўзини яхшироқ ҳис қилишга олиб келади.
Сув етишмовчилигининг энг кўп кузатиладиган белгилари шулардан иборат:
- Чанқоқ ҳисси;
- оғиз қуруқлиги;
- оғирлик ҳисси ёки бош оғриғи;
- пешоб рангининг тўқлашуви;
- чарчоқ ва диққатни йўқотиш;
- мушакларда оғриқлар.
Шу сабабли, кунига бир неча марта оддий сув ичиш одатини шакллантириш нафақат ёзда, балки бутун йил давомида ҳам организм учун жуда муҳим ҳисобланади.