Океан сувларининг қорайиши кузатилмоқда: олимлар хавотирда

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Британия ва АҚШ олимлари ўтказган тадқиқотга кўра, сўнгги 20 йил давомида Ер юзидаги океан сувининг катта қисми — тахминан 56 фоизи ўз рангини ўзгартирган.

Ocean

Яқин вақтгача кўзга ташланмаган бу ўзгаришлар энди сунъий йўлдошлар ёрдамида аниқ қайд этилмоқда. Асосий ўзгариш эса кўк рангдан яшил ва ҳатто қоронғу тусларга ўтишда кузатилмоқда, деб ёзади BBC.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай ўзгаришлар сувдаги фитопланктон, яъни микроорганизмлар миқдоридаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Ушбу ўзгаришлар эса глобал иқлим ўзгариши, сув ҳарорати ошиши ва экотизимдаги мувозанат бузилиши натижасида юзага келган бўлиши мумкин.

Яшил рангнинг кучайиши сувдаги биологик фаолликнинг ошганини англатиши мумкин, аммо бу фақатгина ижобий белги эмас. Аслида бу нотўғри ривожланаётган экотизим ёки зарарли микроорганизмлар кўпайишига ишора бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Ушбу ўзгаришлар денгиз ҳайвонлари, балиқлар ҳамда бутун океан занжиридаги овқатланиш мувозанатига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли олимлар бу жараённи жиддий назорат қилиш ва яхлит тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини уқтирмоқда.

Халқаро экологик ташкилотлар бу маълумотларни глобал экологик хавфнинг жиддий сигнали сифатида баҳоламоқда. Океан экотизимларидаги ўзгаришлар бутун инсоният учун турмуш тарзи ва хавфсизликка таъсир қилувчи омил ҳисобланади.