Ўзбекистон ва Словакия ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик кенгаяди

14:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ва Словакия Бош вазири Роберт Фицо ўртасидаги музокараларда иқтисодий, саноат, таълим ва меҳнат миграцияси соҳаларида стратегик келишувларга эришилди.

Mirziyoyev

9 июн куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо ўртасида расмий музокаралар бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, хусусан, экспорт-импорт маҳсулотлари турини кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Ўзбекистон томонидан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё, полимер ва электроника маҳсулотлари таклиф этилса, Словакия томонидан резина, автомобил қисмлари ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб берилиши кўзда тутилмоқда.

Икки томонлама саноат кооперациясини йўлга қўйиш, агросаноат, автомобил бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш, фармацевтика ишлаб чиқариш, яшил энергетика ва туризм соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Музокараларда таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, академик алмашинувни кучайтириш, қўшма тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш, хусусан, Братиславадаги Коменский университети иштирокидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ташкилий меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Словакия томони ушбу йўналишда тизимли ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.