Эрон АҚШга ядровий музокаралар бўйича таклифини тақдим этди

17:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Теҳрон Вашингтоннинг мавжуд таклифини қабул қилмаслигини маълум қилиб, Уммон орқали ўзининг «оғир ва мувозанатли» муқобил таклифини тақдим этмоқчи. Эрон, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Исроилни ядровий қуролсизлантиришга чақирди.

Eron aqsh

9 июн куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Эсмаил Бағаий АҚШ билан ядровий музокаралар доирасида Теҳрон яқин кунларда ўзининг муқобил таклифини Уммон орқали тақдим этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ томонининг таклифи Эрон учун қабул қилиб бўлмас шартлардан иборат.

Бағаий таъкидлашича, Вашингтоннинг май ойи охирида таклиф этган режаси олдинги музокара раундлари натижаларига зид бўлган ва уран бойитиш, захираларни четга чиқариш ҳамда санкцияларни тўлиқ бекор қилиш масалаларида муаммолар қолган. Эроннинг янги таклифи эса «оқилона, мантиқий ва мувозанатли» бўлиб, унда иқтисодий фойда ва халқаро молия муносабатларини тиклаш устувор аҳамият касб этади.

Айни пайтда музокараларнинг олтинчи раунди қачон бўлиб ўтиши номаълумлигича қолмоқда. Ўтган ҳафта Эрон Олий Раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам АҚШ таклифини танқид қилиб, уран бойитишни мамлакат ҳудудида давом эттиришини маълум қилган эди. Ғарб мамлакатлари бунга шубҳа билан қараётган бўлса-да, Эрон ядровий дастури тинч мақсадларга қаратилганини таъкидламоқда.

Бағаий халқаро ҳамжамиятни Исроилнинг ядровий қурол дастурини жиловлашга чақириб, Теҳрон яқин вақтда ушбу масалага оид махфий ҳужжатларни эълон қилишини билдирди. Унга кўра, музокарачи томонлар Исроилга дипломатик жараёнларни бузиш имконини бермасликлари лозим. (https://www.reuters.com/world/middle-east/iran-present-counter-proposal-us-nuclear-talks-foreign-ministry-says-2025-06-09/)