Reuters агентлиги келтираётган Renault баёнотига кўра, Мудофаа вазирлиги компания билан дронлар ишлаб чиқариш имконияти бўйича алоқа қилган. «Музокаралар бўлиб ўтди, лекин ҳозирча қарор қабул қилинмаган, чунки биз вазирликдан лойиҳа бўйича қўшимча маълумотларни кутмоқдамиз», — дейилади компания баёнотида.
Franceinfo сайти аввалроқ Renault компанияси Украинада дрон ишлаб чиқариши кутилмоқда, деб хабар қилган эди. Reuters’нинг шу хусусдаги саволига жавобан Франция Мудофаа вазирлиги ширкатнинг иштирок этиш-этмаслигига ўзи қарор қилиши кераклигини айтди, аммо аниқ номларни келтирмади.
Франция мудофаа вазири Себастиен Лекорню эса жума куни LCI телеканалига берган интервьюсида, ҳеч қандай компания номи айтилмаган ҳолда, йирик автоконцерн ва кичик мудофаа корхонаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши ва Украинада дрон йиғиш линиялари ташкил этилиши ҳақида маълум қилган.
Шу билан бирга, «Коммерсант» нашрининг ёзишича, Черногория ҳудудида ҳам дрон йиғиш қуввати ташкил этилиб, Киевга биринчи партия аппаратлар ҳарбий ёрдам сифатида етказилиши кутилмоқда.
Мамлакат ҳукумати ушбу лойиҳа НАТО доирасида Черногория армияси салоҳиятини ошириш, Украина мудофаасини мустаҳкамлаш ва Черногорияни халқаро ҳарбий жиҳоз етказиб берувчи сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилишини маълум қилган.
Бу лойиҳага АҚШ томонидан 15 млн доллар ажратилади. Ишлаб чиқаришда By Light компанияси иштирок этади, у тўрт турдаги дронни тайёрлашга ихтисослашган. Энг илғор модели ҳавода 10 соатгача учиш ва 27,2 кг юк кўтариш қобилиятига эга. «Коммерсант» таъкидлашича, ҳозирча бу компания билан алоҳида шартнома имзоланмаган.