Франция рақамли технологиялар вазири Клара Шаппазнинг офисидан маълум қилишларича, «X» 2024 йилдан бери платформасида порнографик контент тарқатилишини қабул қилган ва шу боис у шундай сайтлар қаторида баҳоланиши керак.
Шаппазнинг жамоаси ҳозирда «X»ни Францияда фаолият юритаётган порнография сайтлари тўғрисидаги ҳукумат қарорига киритиш масаласини ўрганмоқда. Қарор қабул қилинса, «X»га YouPorn каби платформага юборилган «расмий огоҳномалар» юборилади. Унга кўра, ё контентни чеклаш, ёки қатъий ёш текширувини жорий этиш талаб этилади.
Франция сўнгги вақтларда болаларни интернетда ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтирмоқда. Давлат 7 июнгача барча порнографик платформаларга фойдаланувчилар ёшини текшириш тизимини жорий этиш мажбуриятини юклаган.
Акс ҳолда, платформага нисбатан жарималар, қидирув тизимларидан ўчириш ва ҳатто тўлиқ блоклаш каби чоралар қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, Танзания ҳам ўтган ҳафта «X»да порнографик контент мавжудлиги сабаб платформага тўсқинлик қилди. 2024 йилда Бельгия медиа назорати ҳам Илон Маскнинг «X»ни порнография сайтига айлантиргани ҳақида хавотир билдирган эди.