Бу ҳақда « Suddeutsche Zeitung» нашрига берган интервюсида Германия табиий офатлар чоғида фуқаролик ҳимояси ва ёрдам кўрсатиш федерал агентлигининг раҳбари Ралф Тислер маълум қилган.
Тислернинг берган маълумотларига кўра, Германия ҳудудидаги минглаб бункер ва бошпаналар қайта таъмирланмоқда. Улар мамлакатдаги фуқароларни ядровий, кимёвий ёки анъанавий қуроллар билан эҳтимолий зарбалардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Расмий Берлин бу ҳаракатларини фуқароларни эҳтиёт қилиш мақсадидаги тайёргарлик, деб баҳоламоқда.
Бу бункерлар 1990-йилларгача фаол бўлган, кейин эса фойдаланилмай қолган. Энди улар янги хавфсизлик талаблари асосида реконструкция қилинмоқда. Германия ички ишлар вазирлиги ва мудофаа идоралари ушбу лойиҳани 2025 йил охиригача тўлиқ якунлашни мақсад қилган.
Ҳукуматнинг бу ҳаракати сўнгги ойларда Россия ва Ғарб ўртасидаги кескинлашув фонида амалга оширилмоқда. Таҳлилчилар бу чоралар фақат ҳимоявий мақсадда эканини таъкидласалар-да, бу Европа мамлакатларида хавотир кучайиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Расмийларнинг маълум қилишича, фуқароларга бункерлардан қандай фойдаланиш бўйича махсус қўлланмалар тарқатилади ва оммавий ўқув машғулотлари ўтказилади. Шундай қилиб Германия эҳтимолий инқирозга тайёргарлик кўришда илк жиддий қадамни ташламоқда.