Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари иқтисод, логистика ва рақамли шерикликни муҳокама қилди

12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ню-Делида бўлиб ўтган «Ҳиндистон — Марказий Осиё» ташқи ишлар вазирлари учрашувида икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама қилинди. Йиғилишда иқтисодиёт, логистика, рақамли инфратузилма ва ноёб ер металлари бўйича аниқ ташаббуслар илгари сурилди.

Hindiston

6 июн куни Нью-Дели шаҳрида «Ҳиндистон — Марказий Осиё» мулоқотининг 4-сессияси бўлиб ўтди. Учрашувда минтақалар ўртасидаги савдо, инвестиция, транспорт ва рақамли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов «кўп мақсадларга эришилди, янгича ташаббуслар билдирилди, олдинда катта ишлар турибди», дея йиғилиш якунларини баҳолади.

Ҳиндистон томони халқаро «Шимол – Жануб» транспорт коридорини фаолроқ ишлатиш тарафдори эканини билдирди. Ўзбекистон ва Туркманистон бу лойиҳада институционал иштирокга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади. Қозоғистон эса бу маршрутни Хитойнинг «Бир камар — бир йўл» ташаббуси билан боғлаш бўйича алоҳида таклифни тақдим этди.

Ишончли логистика ҳамкорлиги доирасида Эрондаги Чобаҳор порти, хусусан, Шахид-Беҳешти терминали орқали Марказий Осиё давлатларини халқаро юк ташиш занжирига боғлаш масаласи ҳам кўтарилди. Бу минтақа мамлакатлари учун ташқи бозорларга чиқишдаги хавфларни камайтириш имконини беради.

Рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича Ҳиндистон ўз тажрибасини тақдим этди. India Stack платформаси, яъни Aadhaar, UPI ва электрон ҳужжат айланмаси каби ечимлар таклиф этилди. Ўзбекистон мазкур соҳада рақамли шериклик форумини ташкил этиш ташаббусини билдирди ва у қўллаб-қувватланди.

Учрашувда ноёб ер металлари ва стратегик минералларни ўрганиш ҳам алоҳида мавзулардан бири бўлди. Бу бўйича 2024 йилда ўтказилган биринчи форумнинг давомини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Келгуси вазирлар учрашуви 2026 йилда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шунингдек, 2025 йил охирига қадар «Ҳиндистон — Марказий Осиё» иккинчи саммити ўтказилади.