НАТО раҳбари Европада ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини 5 баробар кенгайтиришга чақирди

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россиянинг Украинага қарши ракетали ҳужумлари Европада хавфсизликни таъминлаш учун ҳаво ва ракета ҳимоясини беш баробар оширишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте Лондондаги Chatham House таҳлил марказидаги нутқида таъкидлади.

Mark rutte1

Рюттенинг Bloomberg келтираётган сўзларига кўра, Россиянинг ҳаводан амалга ошираётган зўравон ҳаракатлари фақат Украина учун эмас, балки бутун Европа хавфсизлиги учун жиддий таҳдид солмоқда.

«Россия Украинага нисбатан ҳаводан террор олиб бормоқда. Шунинг учун биз ўз осмонимизни ҳимоя қилувчи қалқонни мустаҳкамлашимиз керак», — деди Рютте.

У Европанинг коллектив мудофаа салоҳиятини ошириш учун «квантли сакраш» талаб этилишини ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя ҳамда ракета ҳужумидан ҳимоя тизимларини 400 фоизга кўпайтириш кераклигини билдирди.

Бу ташаббус июн охирида Ҳаагада бўлиб ўтадиган НАТО саммитида муҳокама этилади. Рютте саммитда ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 3,5 фоизига етказиш ва киберхавфсизлик ҳамда чегара муҳофазаси каби соҳаларга қўшимча 1,5 фоиз ажратиш режасини ҳам таклиф қилмоқчи.

Лондонда у Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан учрашиши кутилмоқда. Стармер 2027 йилгача мудофаа харажатларини 2,5 фоизга етказиш ва мамлакатни НАТОдаги етакчи ҳарбий кучга айлантириш нияти борлигини билдирган. Бироқ Британия ҳукуматининг сўнгги мудофаа стратегияси мамлакат АҚШ ёки Хитойга тенг рақиблар билан тўғридан тўғри тўқнашувга тайёр эмаслигини кўрсатган.

Таҳлилчи Фиона Ҳиллнинг таъкидлашича, Британия ҳозир Россиянинг агрессияси ва АҚШнинг сиёсий беқарорлиги ўртасида қийин вазиятга тушиб қолган. У Россияни «фавқулодда ҳозир ва хавфли рақиб» деб таърифлади ва Кремлни «Заҳарлаш, қатллар, диверсиялар, киберҳужумлар ва инфратузилмага қарши ҳаракатлар» орқали Британияга таҳдид солишда айблади.